Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 14 март куни кўча тозалаш ишларига жалб қилинган (маҳаллий ҳокимлик баёнотига кўра, ҳеч қандай кўча тозалаш ишларига жалб қилинмаган) 23 ёшли ўқитувчи Диана Еникеева КАМАЗ юк машинаси уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди.
Мазкур ҳодиса жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Шоирлар Нодир Жонузоқ ва Хайрулла Ҳамидов эса бир боласи етим қолган ўқитувчига атаб марсиялар ёзди. «Дарё» шеърларнинг матнли ва аудио-талқинларини эътиборингизга ҳавола этади.
«Жавоб». Хайрулла Ҳамидов
...Эсимдан чиққанди ул оғир ҳолат,Кетиб ҳам қолгандим ғамга суяна.Тушунтириб берди менга сабабинКўчада фаррошлик қилган Диана:
«Юрак эзилади сукут дастидан —Жимлик ҳақиндаги кўҳна ўгитлар...Устозлари ўлса Камаз остида,Автобус ичида ёнгай шогирдлар!»
«Миллат юзи». Нодир Жонузоқ
Дилимда наштардай бир саволим бор(Безиён саволлар қатма-қат, лим-лим):Миллатнинг юзини босмасми ғубор,Кўча супуришга чиқса муаллим?
Не ҳол бу, мактабда йўқми ё иши?Ё қора меҳнатга тушганми ишқи?Наҳотки қайтара олмас ҳеч киши,Кўча супуришга чиқса муаллим.
Жовдираб термилар зиёли кўзи,Довдираб ўрда ҳам, қирда ҳам ўзи,Ҳатто жужуқларга ўтмайди сўзи,Кўча супуришга чиқса муаллим.
«Юртга нафи тегса нима қипти, хўш?!Омборлар тўлади - сен ҳам улуш қўш…»Фақат, болаларнинг мияси бўм-бўш,Кўча супуришга чиқса муаллим.
Кўзлари тўрт бўлиб кутгай бўш синф,Умиди бўрдай мўрт - тўкилар синиб.Дарсини хаёлда ўтар хўрсиниб,Кўча супуришга чиқса муаллим.
Ҳолбуки, алқайди зангор қутилар,Ялтироқ сўзларга зеб бериб қутлар...Оҳ, наҳот бир куни ўлиб қутулар,Кўча супуришга чиқса муаллим?!
Минг узр, сўзларим туйилса аччиқ,Не қилай, кўксимда заҳарли санчиқ,Жонимни КАМАЗлар эзғилар янчиб,Кўча супуришга чиқса муаллим.
Сиз-ку бир четдасиз… Яқинроқ келинг,Шогирдсиз - заҳматин теппа-тенг бўлинг.Қўлида супурги, хокандоз бўлинг,Кўча супуришга чиқса муаллим!
Изоҳ (0)