Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Интилиш маҳалласида 1000 кишига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган «Аҳмад ибн Малик» жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги хабар берди.
Вилоятда расмий рўйхатдан ўтган 74-масжид сифатида фаолият бошлаган мазкур масжиднинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мўминов, вилоят прокурори Равшан Машарипов, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари Иброҳим Иномов ва Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов иштирок этиб, сирдарёликларни масжид очилиши билан табриклади.
Масжид очилиши шукронасига жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга тарқатилди. Янги масжиднинг имом-хатиби Улуғбек домла Қобиловга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси тантанали равишда топширилди. Масжидни бино бўлишида ўз ҳиссасини қўшганлар ҳақига дуои-хайрлар қилиниб, масжидни то қиёмат мусулмонларга хизмат қилишини Яратгандан сўралди.
Зиёратчилар масжидни зиёрат қилиб, икки ракатдан намоз ўқиди, бундай хайрли ишларнинг бошида турган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуо қилди.
Изоҳ (0)