Савдо-саноат палатаси томонидан тузилма аъзоларига электрон гувоҳнома бериш тизими жорий этилди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу электрон гувоҳномада палата аъзосининг юридик номи, ташкилий-хуқуқий шакли, солиқ тўловчининг индетификацион рақами (СТИР), гувоҳноманинг амал қилиш муддати ва бошқа маълумотлар кўрсатилган. Бундай тизимни жорий этишдан мақсад палата аъзолари ҳақидаги маълумотларни палатанинг электрон базасидан текшириш имкониятини яратиш, электрон шаклда гувоҳномалар юбориш орқали вақтни тежаш, гувоҳнома олиш муддати ва топшириш билан боғлиқ харажатларни қисқартиришдан иборат.
Гувоҳномани қалбакилаштиришга йўл қўймаслик мақсадида уни текширишнинг 3 хил кўриниши — QR-код, палата расмий веб-сайтига ҳавола ва палата колл-маркази рақами (телефон орқали аъзоликни аниқлаш мақсадида) кўзда тутилган.
Гувоҳноманинг янги электрон кўриниши биринчи навбатда палата аъзолигига энди қўшилган тадбиркорлар ва аъзолик гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтганларга берилади. Кейинчалик босқичма-босқич барча палата аъзолари гувоҳномалари электрон шаклга ўзгартирилади.
Изоҳ (0)