15 мартдан 16 мартга ўтар кечаси Бельгиянинг Антверпен шаҳрида иккита портлаш содир бўлди, жароҳат олганлар йўқ. Бу ҳақда, RTBF телеканалига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 14 та енгил машина яксон бўлган ҳамда иккита турар жой биносининг ташқи кўринишига зарар етган. Нохуш ҳодиса Антверпеннинг Дерн коммунасида содир бўлган. Полиция мазкур портлашни гиёҳванд моддалар жиноятчилигига оид деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, 15 март куни мамлакат жанубида ҳам шунга ўхшаш яна бир ҳолат қайд этилган. Тианж атом электростанцияси яқинидаги автотураргоҳда қасддан уюштирилган ёнғин оқибатида йигирмага яқин автомобиль ёниб кетган. Ўтган ҳафта бошидан буён бу каби жиноятлар мамлакатнинг турли ҳудуларида бир неча бор содир бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари бу каби бир қатор машиналар ва уйларнинг ёқиб юборилиши гиёҳванд моддалар бозорига алоқадор маҳаллий жиноятчилар тўдаси ўртасида содир бўлаётган урушнинг оқибати дея ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)