5 март куни 10:50 да Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Олке посёлкаси яқинида «Самара—Чимкент» автомобиль йўлининг 778-километрида «КАМАЗ» юк машинасининг Санкт-Петербургдан Тошкентга кетаётган Opel Astra енгил автомобили билан тўқнашиб кетиши натижасида Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди, деб ёзади «Газета.uz» Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб.
Ҳалок бўлганлар: Исоқов Зоҳиджон Мансурович (1978 йилда туғилган, ҳайдовчи) ва Йўлдошев Қодиржон Комилович (1975 йилда туғилган, йўловчи). Уларнинг иккаласи ҳам Андижон вилояти, Асака тумани, «Ўзбекистон» ҚФЙ, Дўрмон кўчаси манзилида яшаган. Уларнинг жасадлари Ақтўбега етказилган.
ФВВ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ва Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Фавқулодда вазиятлар қўмитаси билан ҳамкорликда марҳумларнинг жасадларини ўз ватанига етказишни ташкиллаштириш устида ишламоқда.
Изоҳ (0)