Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Навоий вилоятига етиб келгани ҳақида хабар берилганди. Давлат раҳбари дастлаб Кармана туманидаги «Karmana golden eggs» масъулияти чекланган жамиятида бўлди, деб хабар берди ЎзА.
Ўзбекистон Президенти ўтган йилнинг 28 март санасида ҳам Навоий вилоятига ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни ишлар билан танишган ва мазкур МЧЖни ташкил қилиш бўйича лойиҳа ўтган йил март ойида Президентга тақдим қилинган эди.
Орадан ўтган вақт давомида биринчи босқичдаги ишлар бошланди. 90 кунда жўжа етиштиришга мўлжалланган паррандачилик комплексида эллик иш ўрни яратилди. Мажмуада жўжа 90 кун давомида парваришланиб, тухим берадиган товуқ ҳолида сотувга чиқарилади.
Шавкат Мирзиёев лойиҳа ташаббускори билан келажак режалари ҳақида суҳбатлашди. Маълум қилинганидек, 2019 йилда инкубация, тухум етиштириш комплексларини ишга тушириш мўлжалланган. Олинадиган маҳсулотнинг 30 фоизи экспортга чиқарилади, 100 кишининг бандлиги таъминланади.
«Паррандачилик бўйича тизим яратилибди. Энди бу ерда тухум етиштириш ва уни экспортга чиқаришни йўлга қўйиш лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)