Ўзбекистонда маҳсулотлар экспорти учун электрон савдо майдони яратилади. Бу ҳақда 27 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислиги остида бўлиб ўтган экспортни кўпайтириш ва импортни қисқартириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, деб ёзади Spot.
Давлат раҳбари Жанубий Корея билан ҳамкорликда 2019 йил 1 январдан бошлаб, маҳаллий экспортёр корхоналарнинг товарларини хорижий харидорлар томонидан сотиб олиш имкониятини берадиган Ўзбекистон миллий савдо электрон майдончасини ишга тушириш бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, Президент товарларни сақлаш, экспортга тайёрлаш ва ташиш бўйича комплекс хизматларни кўрсатувчи замонавий логистика марказлари ташкил этиш бўйича аниқ «йўл хариталари»ни тасдиқлаш зарурлигини қайд этди.
Йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Унда жорий йилнинг ўтган даврида экспорт бўйича мўлжалланган режалар бажарилмагани таъкидланди. Хусусан, «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компаниясининг бу борадаги сусткашлигига жиддий эътироз билдирилди.
Давлат раҳбари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини икки баробар ошириш ҳақида топшириқ берди, қурилиш материаллари ва фармацевтика тармоқларида импорт ҳажми экспортдан ўнлаб баробар юқорилигига эътибор қаратди.
Изоҳ (0)