Ўзбекистон биринчи марта 2021—2023 йиллар учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) аъзоси бўлиб сайланиш ниятини маълум қилди. Бу ҳақда ИҲКнинг 26 февраль куни Женевада бўлиб ўтган 37-сессиясида Адлия вазири Русланбек Давлетов айтиб ўтди, деб ёзади «Газета.uz».
Адлия вазирлиги ахборот хизматига кўра, бундай қарор мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш, Ўзбекистонда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича мақсадли ишлар доирасида, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги ижобий баҳоларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш — БМТ тизимининг 2006 йил 15 мартда ташкил қилинган ҳукуматлараро органи. Унинг таркибига БМТ Бош Ассамблеясининг кўпчилик аъзолари томонидан бевосита яширин овоз бериш йўли билан уч йилга сайланадиган 47 та давлат киради. Номзод давлатларнинг инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялашга қўшган ҳиссаси, шунингдек, уларнинг бу борадаги кўнгилли мажбуриятлари ва ваъдалари ҳисобга олинади.
Изоҳ (0)