Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Универсалагролюкс» фермер хўжалиги иссиқхонасида помидордан йилига уч марта ҳосил олиш одат тусига кирган. Энди эса бу кўрсаткич тўрт мартага етказилди, деб хабар беради «Халқ сўзи».
«Биз гидропоника усулини қўллашга киришдик. Унга кўра, ўсимлик тупроқда эмас, балки сувда ундирилади. Янада юқори натижага эришиш учун помидор уруғини кокоснинг қуриган пояси жойлаштирилган целлофан идишга экдик. Белгиланган агротехника қоидаларига биноан, экинни ўз вақтида сув ва бошқа озуқалар билан таъминлаб турамиз», — дейди хўжалик раҳбари Санжарбек Раҳимов.
Фермер хўжалигида 1 гектар майдондан иборат иссиқхона ташкил этилди. Жаҳон банки томонидан 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги молиявий кўмак йўналтирилган янги лойиҳани амалга ошириш учун Жанубий Кореядаги «Майсон плакон» компаниясининг инновацион технологияларидан фойдаланилмоқда. Етиштирилган ҳосил хўжаликнинг ўзида қадоқланиб, экспорт қилинади.
Изоҳ (0)