Боланинг илк сўзлари унинг ақлий ривожланишидаги муҳим босқичлардан биридир. Бу жараён нафақат ота-оналар учун қувончли лаҳза, балки мутахассислар учун ҳам боланинг умумий ривожланиш даражасини баҳолашда муҳим кўрсаткич саналади. Шу боис, “Бола қачон гапира бошлаши керак?” деган саволга илмий асосланган жавобни билиш ҳар бир ота-она учун муҳимдир.

Сўзлашни бошлаш нормалари
Бола илк сўз ва ибораларни айнан қачон айтишни бошлаши жуда муҳим, чунки нутқ, мия фаолияти ва боланинг руҳий ҳолати бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун бола тенгқурлари аллақачон тўлиқ жумлалар тузаётган бир пайтда ҳали гапирмаса, бу ривожланишдаги кечикишдан дарак бериши мумкин.
Аммо ҳар бир бола индивидуал, ўзига хос жадвал бўйича ривожланади. Демак, нутқнинг кеч бошланиши ҳамиша муаммо борлигини англатмайди. Шундай бўлса-да, ўртача меъёрларни билиб олиш зарар қилмайди.
Одатда илк сўзлар тахминан 12 ойликда пайдо бўлади. Бу ёшда болалар товушларни тақлид қила бошлайди ва “дада”, “она” каби оддий сўзларни айта олади. Икки ёшга келиб, луғат бойлиги одатда 50–100 сўзга етади ва бола уларни оддий ибораларга бирлаштира бошлайди.
Бола талаффуз қиладиган сўзлар сони билан бирга, у билан бўладиган мулоқот сифати ҳам жуда муҳим: китоб ўқиш, суҳбатлашиш ва интерактив ўйинлар нутқ ривожланишига ёрдам беради. На телевизор, на аудиоҳикоялар яқинларининг ўрнини боса олмайди. Агар бола уч ёшга келиб оддий гаплар туза олмаса, шифокор логопед кўригини тавсия қилади.
Болаларнинг тил чиқиши кечикишига нималар сабабчи?

Индивидуаллик
Ҳар бир бола ўзига хос тарзда ривожланади. Агар сизнинг фарзандингиз қўшнингизнинг боласидан бир ой олдин юра бошлаган бўлса у қўшнининг боласидан анча кейин гапиришни ўрганиши мумкин. Бу хавотирга сабаб бўлмайди. Бу унинг ривожланишидаги ўзига хослик билан боғлиқ. Вақти келганда у ҳам бошқа болалар каби эркин гапира бошлайди.
Сўзлашишга эҳтиёжнинг йўқлиги
Инглизларда бир латифа бор: болакай бир неча йил давомида гапирмабди. Аммо унга бемаза бўтқани беришганда бундан норози бўлиб гапириб юборибди. Бу воқелик ҳақиқатдан йироқ эмас. Фарзандига керагидан ортиқ ғамхўрлик қиладиган ота-оналарнинг болалари ўз истакларини сўз билан айтишга эҳтиёж сезмайди. Баъзан эътиборсизлик ҳам нутқ ривожланишига туртки бериши мумкин.
Педагогик эътиборсизлик
Бу ота-онаси билан умуман шуғулланмаган болаларда учрайди. Чақалоқ туғилганидан эътиборан онаси ва отасининг, бошқа яқинларининг мулойим сўзларига муҳтож бўлади. Агар она гўдакни тўйдириш ва парваришлаш билан чекланиб, у билан мулоқотни кам қилса, нутқ ҳам ривожланмайди.
Оилада икки тилда гаплашиш
Бундай оиладаги болалар ҳам кўпинча тенгдошларидан кеч гапира бошлайди. Бунинг олдини олиш учун бола тили чиққунча у билан битта тилда, осон сўзлар билан мулоқот қилиш лозим.
Стресс
Афсуски, стресс нафақат катталар, балки болалар руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қаттиқ қўрқиш, оиладаги жанжаллар ҳам бола нутқининг ривожланишини кечиктириши мумкин. Ушбу муаммо болалар психологи ёрдамида бартараф этилади.
Генетик мойиллик
Агар бола гапиришга шошилмаётган бўлса унинг отаси ёки онаси болалигида неча ёшдан сўзлай бошлаганига қизиқиш керак, чунки нутқ ривожланиш хусусиятлари ҳам генетик жиҳатдан болага ўтади. Бундай болалар вақти келганда сўзлашиш даражаси бўйича ўз тенгдошларига етиб олади.
Туғруқнинг қийинчилик билан ўтиши
Боланинг асаб тизими тўғри шаклланишига туғруқ асоратлари ҳам сабаб бўлади. Бу ҳолат чақалоқлигида невропатолог кўригида аниқланиб, болада нутқ ривожланадиган даврда юзага чиқади. Ушбу нуқсонни тузатиш борасида логопед ва дефектологлар ишлайди.
Эшитишдаги нуқсонлар

Сўз бойлиги кўпайиши учун бола атрофдагиларнинг нутқини эшитиши ва қабул қилиши керак. Агар умуман эшитмаса, албатта гапиришни ҳам ўрганолмайди. Бу ташхисни лор шифокор аниқлайди ва даво чораларини белгилайди.
Артикуляция нуқсонлари
Нутқ аппарати меъёрида ишласагина бола турли товушларни чиқаради. Агар унда муаммо мавжуд бўлса, албатта нутқ ривожланишида акс этади. Мушаклар тонуси сустлиги, тил ости тугунчаси қисқалиги ва бошқалар артикуляцияда қийинчилик туғдиради. Бунда бола қаттиқ овқатларни чайнай олмайди, оғзини очиб юради, сўлак кўп оқади. Бундай ҳолатда невролог, невропатолог, логопед-дефектологлар ёрдам беради.
Алалия
Касаллик нутқнинг тўлиқ ривожланмаслиги ёки умуман бўлмаслиги, фикрини баён қилишдаги муаммолар билан юзага келади. Бунга нутқ аппаратининг етарли ривожланмаганини билдиради. Ҳомила она қорнида бўлганда аёл йиқилиши ёки гўдаклигида жароҳат олиши оқибатида бош мияга шикаст етиб шундай асорат қолган бўлиши мумкин.
Интеллектуал ривожланишдаги муаммолар
Нутқ тўғридан-тўғри ақлий ва руҳий ривожланиш билан боғлиқ. Турли генетик касалликлар, аутизм, даун синдроми, ақлий заифлик, шубҳасиз нутқ ривожланишига таъсир қилади. Малакали мутахассиснинг бола билан тизимли ишлаши нутқни коррексиялашга ёрдам беради.
Қандай ҳолатларда мутахассисга мурожаат қилиш лозим?

бола олти ойлигида бирорта товуш чиқара олмаса;
бир ёшдалиги мабайнида ота-онасининг мурожаатига жавоб бермаса (меҳрли мурожаатга жавобан табассум қилмаса, “олдимга кел” каби буйруқларни эътиборсиз қолдирса);
1,5-2 ёшли бола ота-оналар томонидан номланган предметни (олма, стол ва бошқалар) кўрсата олмаса;
1,5-2 ёшли болада имо-ишора (бармоғи билан керакли нарса)ни кўрсатмаса;
2 ёшида битта ҳам сўз айтмаса ёки ота-онасининг сўзларини қайтара олмаса;
2,5-3 ёшида оддий жумлаларни ясай олмаса (сув ичаман, олма беринг, сайр қилайлик каби).
Нутқ аппарати билан боғлиқ патологиялар кўпинча айнан 2 ёшдан кейин аниқланади. Бироқ нуқсон қанчалик эрта аниқланса, даволаш шунчалик самарали бўлади. Агар муолажа 1,5–3 ёш оралиғида бошланса, бола мактабга борганда тенгдошларидан қолишмайдиган даражада равон гапира олади.
Изоҳ (0)