Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировга нисбатан Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

23 февраль куни Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Рашиджон Қодиров 2000—2015 йилларда бош прокурор лавозимида ишлаган, 2015−2017 йилларда Конституцион суд судьяси бўлган.

Аввалроқ ОАВда Рашиджон Қодиров жорий йилнинг 22 февраль санасида қўлга олингани, унга нисбатан йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиётлари ўтказиш айби қўйилаётгани ҳамда унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

23 февраль куни  Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими ходими Қодировга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида тарқалган хабарларни расман инкор қилган эди.