Футбол бўйича Европа Лигасининг 1/16 финалидан жой олган Испаниянинг «Атлетик» ва Россиянинг «Спартак» жамоалари ўртасидаги беллашувдан кейин катта жанжал келиб чиқди.
Учрашувда Москва клуби 2:1 ҳисобида зафар қучди. Бироқ испанияликлар Россиядан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтгани учун, «Атлетик» навбатдаги босқичга йўл олди. Учрашув сўнгида эса кутилганидек россиялик фанатлар ўзини босиб тура олмади. 800 нафардан зиёд футбол мухлиси Бильбао кўчаларида марш уюштирди ва уларни назорат қилишнинг имкони бўлмай қолди.
Ишга полиция аралашди. Испан нашрлари берган маълумотга кўра, полиция вакили ўзаро тўқнашувлар натижасидан юрак ҳуружи сабаб вафот этган. Шиша идишлар ва қаттиқ жисмларнинг улоқтирилиши сабаб камида 5 киши жиддий шикастланган ва шифохонага олиб кетилган. Уларнинг уч нафари «Спартак» фанатлари экани маълум қилинган.
«Спартак» бош мураббийи Массимо Карреранинг таржимони Артём Фетисов ҳам бундан жабр кўрди. У ўзининг Instagram саҳифасига бўйнини суратга олиб жойлади. Бунда номаълум кимса унинг бўйнига темир камар билан зарба берганини кўриш мумкин эди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Испанияга йўл олаётган мухлисларни эҳтиёткор бўлишга чақирган бўлса-да, улар бунга амал қилмаган. «Спартак» мағлуб бўлгач, фанатлардан иборат уюшган гуруҳ «Атлетик» мухлисларини излаб, кўчаларда тентирашни бошлаган.
Полиция ҳозирча 5 кишини ҳибсга олиб улгурган. Ундан ташқари, УЕФА ҳам мазкур иш юзасидан суриштирув ишларини бошлади. Воқеалар ривожи жиддий тус олиши катта эҳтимол.
Ўйингача испанияликлар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб қўйгани учун, етказилган зарар нисбатан озроқ. Россиялик футбол мухлисларининг хулқидан хавотирга тушган Бильбао маъмурияти мактабларда қўшимча дарсларни бекор қилган, бар ва ресторанларнинг кўчаларга жойлаштирилган стол-стулларини ичкарига киритишни маслаҳат берганди.
https://www.youtube.com/watch?v=h05VrQfhWtk
https://www.youtube.com/watch?v=R4VImPyJ2QQ
https://www.youtube.com/watch?v=kxIa34ArcpY
https://www.youtube.com/watch?v=x4rInfbpKMo
https://www.youtube.com/watch?v=rhbZqd7uZww
Изоҳ (0)