Бугун — 20 февраль санасида МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси вакилларини қабул қилди, деб ёзди ташкилот матбуот хизмати.
Токио—2020 Олимпиадасига тайёргарлик кўришдан олдин спортнинг бир қатор турлари фаолиятини ислоҳ қилиш кераклиги таъкидлаб ўтилганди. Учрашувдан мақсад спорт курашларини Ўзбекистонда янги босқичга олиб чиқишдан иборат бўлган. Шу боис МОҚ президенти билан учрашувга спорт курашлари ассоциацияси раҳбарияти, терма жамоалар мураббийлари ва бошқа мутахассислар етиб келган.
Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов эркин ва юнон-рум курашини янада ривожлантириш учун нималар қилиниш лозимлиги ҳақида таклифларни эшитган. Унинг оммавийлигини ошириш учун вилоятлардаги ҳолат ҳам жиддий ўрганилиши таъкидланган.
Ўз ўрнида мураббийлар соҳадаги муаммоларни очиқ-ойдин баён этди, деб ёзган матбуот хизмати. Айрим коллежларда машғулот заллари йўқлиги, бунинг оқибатида спортчилар стадионда ёки узоқ жойларда машғулот ўтказаётгани айтилди. Баъзи залларда эса ҳали ҳам эски машғулот гиламларидан фойдаланилаётгани ҳақиқат. МОҚ Президенти яқин вақтлар ичида барча муаммолар бартараф этилишини, спортчилар учун етарли шароитлар яратиб беришга тайёр эканлигини айтган.
Бундан буён олимпия захиралари коллежлари МОҚ базаси сифатида фаолият олиб боради. Ҳудудий мусобақалар тизимини яратишимиз лозим. Иш энг пастки бўғимлардан, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидан бошлаб қайта кўриб чиқилиши шарт. Мамлакатимиз раҳбари спортни ривожлантириш борасида олдимизга катта вазифалар қўймоқда.Энди ҳар бир халқаро мусобақа натижаси таҳлил қилиб борилади. Кучли спортчи тарбиялаб берган мураббийлар, иқтидорларни ўз вақтида аниқлай олган селексионер мутахассислар МОҚ томонидан рағбатлантирилади. Келажакда Чимён ва Зоминда спортчиларимиз учун ўқув-машғулотлар базаси бунёд этилиши режалаштирилган.
Умид Аҳмаджонов, МОҚ президенти
Изоҳ (0)