Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидаги «Универсалагролюкс» фермер хўжалигида илғор ва инновацион технология асосида барпо этилган иссиқхонада йилига тўрт мартагача ҳосил олиш мумкин. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Универсалагролюкс» фермер хўжалиги томонидан ўтган йили Жаҳон тараққиёт банкидан олинган 500 минг доллар миқдоридаги кредит ҳисобига 1 гектар майдонда иссиқхона барпо этилиб, Жанубий Кореянинг «Майсон плакон» компанияси инновацион технологиялари асосида, яъни гидропоника-субстракт усулида помидор кўчатлари етиштириш йўлга қўйилди.
Хўжаликда помидорнинг Туркиядан келтирилган «Тори» нави кўчатлари экилган бўлиб, айни кунларда кўчатлар мевага кирган.
Кунлар исиши билан қатор полиз экинлари, хусусан, помидор кўчати ривожланишдан тўхтайди. Жорий этилган янги технологиянинг яна бир афзаллиги шундаки, ҳаво ҳарорати ўта исиб кетган тақдирда ҳам иссиқхона ичидаги махсус совутиш мосламаси ҳавони мўътадиллаштириб, кўчатнинг бир маромда ривожланишини таъминлайди. Шу тариқа иссиқхонада сабзавот ва полиз экинларидан йил давомида бир неча марта ҳосил олиш мумкин бўлади.
Фермер хўжалигида маҳсулотни халқаро андозалар талаблари даражасида қадоқлаш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, етиштирилган маҳсулотнинг асосий қисмини экспорт қилиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)