Чирчиқ шаҳрида «Миллий армиямиз — ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир» шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намойишини шаҳар аҳолиси, ўқувчи ёшлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томоша қилди.
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти томонидан тайёрланган мазкур фестиваль билим юртининг фахрий қоровул бўлинмаси ижро этган шоу-парад билан бошланди. Шундан сўнг томошабинлар диққатига курсантларнинг қўл жанги элементларидан иборат жанговар тайёргарлик машқлари намойиш этилди.
Сафарбарлик чақируви резервидаги баталон жойлашган ҳудудда ёшлар аскарларга яратилган қулай ва манзур шароитлар, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари кўрсатилди.
Иштирокчиларнинг қизиқишини замонавий қурол ва ҳарбий техникалар намойиши орттирди. Ўқув жойларида кўрсатилган жанговар машиналар, артиллерия қурилмалари, алоқа ва кимёвий ҳужумлардан ҳимояланиш воситалари, ўқотар қуроллар, айниқса, ёшларда катта таассуротлар қолдирди.
Изоҳ (0)