Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи ўз ниҳоясига етди. Бу ҳақда 17 февраль куни Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг Бухорога ташрифи 16 февраль куни бошланган эди. Ташриф жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Сўнг Бухоро туманидаги «Бухоробалиқсаноат» компаниясида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди, вилоятда амалга ошириладиган иқтисодий лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Сафар давомида Президент Бухоро шаҳридаги 54-мактабгача таълим муассасасида бўлди, Бухоронинг эски шаҳар қисмида туризмни янада ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ташрифнинг биринчи куни якунида Пешку туманида Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилояти фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
17 февраль давомида Президент Бухоро шаҳридаги янги фойдаланишга топширилган Ёшлар марказида бўлди, шаҳардаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, Когон туманидаги ҳарбий қисм шароитларини кўздан кечирди, Когон туманидаги чиқиндини қайта ишлаш корхонасини бориб кўрди.
Изоҳ (0)