Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўз фармони билан сўнгги йилларда амал қилиб келган, Тошкент телеминорасида суратга ва видеога олишга қўйилган тақиқни бекор қилди, деб ёзади «Газета.uz» вазирлик ахборот хизматига таяниб.
«Бугунги кундан эътиборан, телеминора ташрифчилари томоша майдонига ва ресторанга ўзлари билан телефон, планшет, ноутбук ва фотоаппаратларини олиб чиқиши мумкин», — деди телеминора ходимаси. Илгари бундай қурилмаларни махсус юк сақлаш жойларида қолдиришга тўғри келарди.
Ушбу ўзгариш Ўзбекистон Президентининг «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ киритилган. Унга кўра, жамоат жойлари, бинолар ва иншоотларда чекловларсиз фото ва видео олишга рухсат берилган эди.
Телеминорада фото ва видеотасвирга олиш учун алоҳида тўлов йўқ. У ерга кириш учун Ўзбекистон фуқаролари 25 минг, чет элликлар 40 минг сўм тўлаши керак. Паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат бўлиши мажбурий.
Изоҳ (0)