Россиянинг оммабоп «VC.ru» нашрида ўзбекистонлик блогер Руслан Байгануров Telegram мессенжерининг Ўзбекистон ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги алоҳида ўрни ҳақида мақола эълон қилди.
Унда айтилишича, 2017 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Telegram фойдаланувчилари сони бўйича юқори учликка кирган, биринчи ва иккинчи ўринларда Эрон ва Малайзия жойлашган.
Бу ерда ҳаттоки қатор давлат тузилмалари ҳам ўз хизматларини тақдим этади, дейилади мақолада. Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг @mehnatbot, Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент Ички ишлар бош бошқармасининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида фойдаланиладиган бланкларни олиш имконини берувчи @PassportInfoUz_Bot ботлари тилга олинди. Шунингдек, мамлакат президентининг сиёсий ҳаёти ҳақидаги янгиликларни тезкорлик билан тақдим этувчи республика раҳбарининг расмий канали ҳам алоҳида қайд этилди.
Блогер хусусий секторга алоқадор оммабоп бот ва каналларни ҳам санаб ўтган.
«Ўзбекистоннинг бизнес-амалиётида ҳужжатлар — шартномалар, прайслар, тижорий таклифлар, анкеталарни Telegram орқали юбориш аллақачон нормага айланган», — деб ёзади блогер.
«Фойдаланувчилар мессенжерларнинг шунчаки мулоқотдан кўра каттароқ нарсага айланишига тайёр. Telegram рунетда ана шундай майдонга айлана олади, биз Ўзбекистонда аллақачон ўзгаришларга тайёрмиз, бундай имкониятларнинг кенгайишини кутяпмиз, холос», — дея хулоса қилди у.
Изоҳ (0)