Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи доирасида қоракўлчиликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Бухоро қоракўлчиликнинг асл ватани экани, маҳаллий аҳоли илгаридан бундай маҳсулотларни бутун дунёга сотиб, катта даромад топганини қайд этди. Бу соҳада йўқолиб бораётган наслчилик ва тажрибани қайта тиклаш, чўпон ва тикувчи ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Қоракўлчилик бўйича институт ва жамғарма, Бухорода завод ташкил этиш юзасидани топшириқлар берди.
Яна бир диққатга сазовор лойиҳа – тут баргидан фойдали чой ишлаб чиқаришга доир.
Мутахассисларнинг фикрича, тут баргида кофеин ва танин моддаси одатдаги чойдан 200 баробар кам. Витамин ва минераллар эса, аксинча, кўпроқ.
Ўзбекистон Президенти бу лойиҳани маъқуллаб, бундай чой аҳоли саломатлиги учун фойдалилиги, импорт ўрнини босиши билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бухорода ўрмон хўжалиги йўналишида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Ўзбекистонда ўсадиган шифобахш неъматлар кўплаб соҳаларда кенг қўлланилади. Хусусан, цистанхе ва исириқ ўсимлигига хорижий фармацевтика корхоналарида талаб юқори. Биргина цистанхенинг доривор хусусияти женшен ўсимлигига қараганда беш баробар юқорилигига эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев бундай табиий имкониятларни тўла ишга солиш орқали янги иш ўринлари яратиш, экспортни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ (0)