Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 13 февраль куни иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи савдо, сармоя, банк-молия, ёқилғи-энергетика, нефть-газ, машинасозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, қурилиш, кимё ва озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, қишлоқ ва сув хўжалиги, фан-таълим, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, тиббиёт ҳамда сайёҳлик каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ва бошқалар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигини янги мазмун билан бойитиш, ишбилармон доираларнинг мулоқоти ва қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.
Мажлис давомида томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукумати ўртасида қабул қилинган Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги шартнома доирасидаги 2018–2020 йилларга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишнинг боришини кўриб чиқди.
Анжуманда Тошкент шаҳрида Корея Республикаси илғор технологиялар институти (KIAТ) билан ҳамкорликда Ўқув-амалий тўқимачилик технопарки ва Ўзбекистон – Корея бизнес-маркази ташкил этиш, Корея маданияти ва санъати уйини очиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида тиббий соғломлаштириш мажмуаси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Изоҳ (0)