Тошкентда 12 февраль куни Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён бошчилигидаги делегация аъзолари билан бизнес-мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда Жанубий Кореянинг Ташқи ишлар, Савдо, саноат ва энергетика вазирликлари, ишбилармон доираларининг 60 дан зиёд вакили, Ўзбекистондан ташқи савдо, сармоя, энергетика, автомобилсозлик, қурилиш, кимё, енгил саноат, тиббиёт, таълим, транспорт ва транспорт коммуникациялари, ахборот технологиялари ҳамда сайёҳлик соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралар, компания ва концернлар раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С. Холмуродов, Жанубий Корея бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ва бошқалар Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳамкорлиги савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Форумда Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти ҳақида видеоролик намойиш этилди. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А. Аҳмадхўжаев мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури тақдимотини ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди.
Жанубий Корея делегацияси, шунингдек, Тошкентдаги Инҳа университетига ташриф буюрди.
Изоҳ (0)