10 февраль куни Теҳрон шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Вазирлар томонларни қизиқтирган барча соҳаларда Ўзбекистон-Эрон алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.
Минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш чоғида алоҳида эътибор Афғонистондаги вазият ўзгаришига қаратилди, хусусан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли Афғонистон бўйича халқаро конференция кун тартиби кўриб чиқилди.
Учрашувда БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)