Тошкент шаҳрида светофорнинг қизил чироғига ўтиб кетган Nexia ҳайдовчиси жаримадан қочиш учун MAN автобуси тагига ётиб олди, деб хабар беради «Газета.uz».
Видеоси ижтимоий тармоқларга тарқалган мазкур ҳодиса 10 февраль куни соат 14:35 да Миробод туманидаги Grand Mir меҳмонхонаси ёнида юз берган.
«Ҳайдовчи светофорнинг тақиқловчи чироғида ҳаракатланган. Унинг орқасидан патруль машинаси келаётган эди. Ҳайдовчи қоидабузарлик содир этганини тан олган. Бироқ, далолатнома тузилаётган пайтда у шароити оғирлиги ва жаримани тўлай олмаслигини айтиб, шикоят қила бошлаган. Шу пайтда у жаримадан қочиш мақсадида автобус тагига ётиб олган. У ижарага олган автомобилини ишончнома асосида бошқарган, шунингдек киракашлик билан шуғулланган бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.
Видеода ҳайдовчининг автобус тагидан ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтаришларини сўраб бақираётгани акс этган.
Ҳайдовчига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганликдан ташқари Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (Ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармаслик) ва 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш) бўйича чора кўрилиши мумкин.
Биринчи модда бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг ярим бараваридан икки бараваригача жарима кўзда тутилган бўлса, иккинчи модда бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Қайд этилишича, жазо тури суд қарори билан аниқланади.
Изоҳ (0)