Шотландиялик Брюс Грабб Абердинширга фермерлик билан шуғулланиш мақсадида кўчиб ўтди, деб хабар беради National Geographic.
3 февраль куни янги уйга кўчиб ўтиши муносабати билан фермер дўстлари билан байрам қилаётган эди. Шунда у чорвадан хабар олмоқчи бўлиб, ташқарига чиқди. Ахир, унинг 200 нафар сигири яқин орада болалаши керак эди-да.
Фермер молхонага кетаётганида йўлда ётган йўлбарсни кўриб, тўхтади ва полиция чақирди. Сўзларининг исботи сифатида у йўлбарснинг суратини мутахассисларга жўнатди. Йўлбарс шу даражада ҳақиқий кўринганидан, воқеа жойига етиб келган офицер қўшимча куч келмагунича машинадан тушишни рад этди.
Диспетчерлар яқин орадаги ҳайвонот боғидан йўлбарс қочиб кетмаганига амин бўлгунига қадар фермага олтита полиция машинаси ва тезкор гуруҳ отряди келди.
Улар ҳудудни ўраб олиб, йиртқич жониворни кузата бошлади. Йўлбарс 45 дақиқадан бери ҳаракат қилмаётганини инобатга олиб, полициячилар унга яқинлашди ва жониворнинг ўйинчоқ эканлигига ишонч ҳосил қилди.
Ўйинчоқ ҳақиқий йўлбарс катталигида эди, бундан ташқари у ҳақиқий йиртқичга жуда ўхшарди. Шунинг учун ҳам, полиция фермерни ёлғон чақирувда айбламасдан воқеа жойини тарк этди.
Изоҳ (0)