Ва ниҳоят ўша кун келди ва ўзбекистонлик ҳужумчи Игорь Сергеев БАА чемпионатидаги дебют голини урди, деб ёзди «Championat.asia» нашри.
Илк гол учун Сергеевга 4 та ўйин керак бўлди. «Дибба Ал-Фужайраҳ» клубини қабул қилган «Ал-Дафра» ишончли ғалабага эришди. Беллашувнинг 92-дақиқасида Сергеев ўз голи билан жамоасининг очко йўқотиши масаласини кун тартибидан олиб ташлаган. Бунгача у 3 та ўйинда иштирок этиб, гол уришнинг уддасидан чиқа олмаганди.
Азиз Ҳайдаров ҳамда Отабек Шукуров жамоалари бугун — 9 февраль куни 16-турни ўтказади. «Ажман» ўз уйида кучли тўртликни якунлаб турган «Ан-Наср»ни қабул қилади. «Шаржа» эса сафарда «Шабаб Ал-Аҳли»га қарши кураш олиб боради. Бир тур аввал ўзбекистонлик легионерлар тўп сурадиган барча клублар мағлубият аламини тотиб кўрганди. 16-турда шунинг акси кузатилиши ҳам мумкин.
Қайд этиш керак, Амирлик чемпионатидаги тўртинчи ўзбекистонлик легионер Сардор Рашидов Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаб, аллақачон «Ал-Жазира»ни тарк этган.
Изоҳ (0)