Малайзия олий суди мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ зобитини ИШИД жангариларига молиявий хизматлар кўрсатгани учун 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«ҲҲКнинг истеъфодаги капитани Азуддин Маҳмуд 2016 йил январида ўз номига Майбанкъда ҳисоб рақами очади. Кейинчалик камида икки нафар маҳаллий жангари мазкур ҳисоб рақам орқали суммаси минг долларга яқин бир неча банк операциясини амалга оширади», —дейилади суд жараёни вакилларининг баёнотида.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари собиқ зобитни банк вакиллари шубҳали пул ўтказмалари ҳақида хабар берганидан сўнг қўлга олди. Давлат айбловчилари 54 ёшли Азуддин Маҳмуд оқибатларини англаган ҳолда террорчиларга молиявий хизмат кўрсатиб келганини исботлади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)