Шавкат Мирзиеёв «Кириш туризмини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Дарё»нинг ҳукуматдаги манбалари маълум қилди.
Қарорда «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони ижроси доирасида қатор чораларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Жумладан, 2018 йил 1 майидан транзит билан келган чет эл фуқароларига 72 соатга қисқа муддатли визалар тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Бунда уларда учинчи мамлакатга чиқиш визаси ва авиачиптаси, шунингдек, консуллик тўловларининг амалга оширилгани текширилиши лозим.
Бундан ташқари, бундай йўловчилар қисқа муддатга аэропорт зонасидан чиқиб, тасдиқланган туристик дастурлар асосида назоратли танишув турини ўтказиши тартиби жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муҳлат ичида ушбу бандни амалга ошириш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиши лозим. Ҳужжатда, шу жумладан, фуқароларига қисқа муддатли визалар берилиши кўзда тутилган мамлакатлар рўйхатини тасдиқлаш ҳам назарда тутилган.
Изоҳ (0)