ЎзА Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Македон кўпригининг тарихига оид маълумотлар билан бўлишди.
«Йўловчи, транспорт ва сув ўтиши учун мўлжалланган бу иншоот ўтмишдаги аждодлар меъморчилик санъатининг ноёб дурдонаси сифатида нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келади. Кенг ва баланд кўприк пишиқ ғиштдан юксак маҳорат ва дид билан барпо этилган», — дейилади хабарда.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, Искандар (Александр Македонский) эрамиздан аввалги 327 йилда Термиз шаҳрини босиб олади ва унга Александрия номини беради. Хуллас, ёдгорликнинг қисқача тарихи битилган лавҳага ёзиб қўйилганидек, уни Александр Македонский номи билан атасалар-да, лекин кўприкнинг Искандар Зулқарнайнга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аниқроғи, ноёб ва мустаҳкам ушбу иншоот XVI асрда Абдуллахон даврида барпо этилган. Катта сув оқимига эга бўлган Бандихонсойда қад ростлаган бу иншоот бир пайтлар қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини кенг йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этган. Уни бунёд этишда пишган ғишт, алебастр, оҳак, қум каби қурилиш материалларидан фойдаланилган.
Изоҳ (0)