Бухоро шаҳридаги «Аслонобод» хусусий фирмаси ишчиси Насретдинов Абдураҳмон Амонуллоевич Бухоро шаҳар ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахслар Бухоро шаҳар, Мустақиллик кўчаси 24/1-уйда жойлашган «Аслонобод» хусусий фирмасига қарашли савдо дўконига эшик қулфини очиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, ўғрилик жиноятини содир этганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Бухоро ИИБ «Дарё»га маълум қилди.
Жиноятчилар ушбу савдо дўконидан «Аслонобод» хусусий фирмасига тегишли бўлган жами баҳоси 7 755 000 сўмлик уч дона Acer русумли ноутбук, жами баҳоси 600 минг сўмлик иккита видеокузатув мосламаси, баҳоси 1 600 000 сўмлик LG русумли монитор, баҳоси 4 100 000 сўмлик компьютер процессори, баҳоси 2 435 000 сўмлик Panasonic русумли видеокамера, баҳоси 160 минг сўмлик модем, бир дона наушник, бир нечта флешкартани ва 4 089 000 сўм миқдоридаги нақд пулларни яширин равишда талон-тарож қилиб, жабрланувчига жами 20 844 000 сўмлик анча миқдорда моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Тезкор ходимлар томонидан олиб борилган суриштирув ва қидирув ишлари давомида ушбу жиноятни, Бухоро шаҳар, Темирйўлчилар аҳоли пунктида яшовчи фуқаролар, 1998 йилда туғилган Содиқов Фозил Шуҳратович, 2000 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси билан судланган Нуржонов Рамазон Шоназарович ҳамда 2004 йилда туғилган Муродуллоев Элдор Отабек ўғли содир этганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ф.Содиқов, Р.Нуржонов ва Э.Муродуллоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисми «б,в,г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)