Самолётларнинг эшиклари ва деразаларининг айлана шаклда ясалишига авиаҳалокатлардан бири сабаб бўлган, деб ёзмоқда TravelAsk.
Таъкидланишича, 1954 йилнинг 10 январида British Overseas Airways Corporation авиакомпаниясига тегишли Comet 1 самолёти Римдан Лондонга учиш чоғида ҳалокатга учраган. Самолёт бортида бўлган 29 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган.
Ҳодиса сабабларини ўрганиш чоғида қурбонлар самолёт портлашидан эмас, балки тананинг турли аъзоларида олинган жароҳатлардан ҳалок бўлгани аниқланган. Самолёт эса герметик ҳимоянинг парчаланиши оқибатида ҳалокатга учраган.
Шундан сўнг ўтказилган ўрганиш ва синовлар самолётлардаги герметик ҳимоянинг бузилиши асосан эшик ва деразаларнинг ўткир бурчакларида юз беришини кўрсатган. Ана шундан сўнг йўловчилар ва самолётлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида самолётларнинг эшик ва деразалари айлана шаклда ясала бошланган.
Шунингдек, 1954 йилда Comet 1 самолёти билан юз берган яна бир ҳалокатдан сўнг самолётларга мажбурий тартибда «қора қутилар» ўрнатила бошланган.
Изоҳ (0)