Intel компанияси лазер проекторли «ақлли» кўзойнакларни ишлаб чиқариш ниятида. Қурилма 2018 йилда сотувга чиқади. Bloomberg агентлигининг маълумотларига кўра, Intel кўзойнаклар учун алоҳида компания ажратиб, уни Ваунт деб аташни режалаштирмоқда, деб хабар берди TJournal.
Ишлаб чиқариш Тайваннинг Quantum Computer компаниясига топширилади, ихтиро ишларига эса Recon Instruments — 2015 йилда Intel сотиб олган ва 2017 йилда ёпган стартапининг ходимлари раҳбарлик қилади. Кўзойнаклар фойдаланувчининг кўз ўнгида маълумотларни кўрсатиб турувчи лазерли проекторлар билан жиҳозланади. Аммо ҳозирча унинг техник тавсифи ва нархи ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд эмас.
Bloomberg 2016 йилда Apple компанияси ўзининг қўшимча реалликка эга «ақлли» кўзойнакларини ишлаб чиқараётгани ҳақида хабар берганди. Бироқ компания раҳбари Тим Кук сифатли «ақлли» кўзойнакларни яратишда ёрдам берадиган технология «ҳозирча мавжуд эмас» деган эди.