Самарқанднинг Регистон майдонидаги бўш турган ҳужраларда қаҳвахона ва меҳмонхона хизматлари ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Испания саноат, энергетика ва туризм вазирлиги халқаро бўлими бошлиғи Мария Анхелес Мартинес Мингеса Самарқандга ташрифи чоғида шундай таклиф билдирди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Унинг таъкидлашича, бундай хизматлар Испаниядаги маданий мерос объектларида кенг тарқалган.
Шунингдек, Мария Анхелес Улуғбек расадхонаси ҳудудида юлдузларни кузатиш учун майдонлар ташкил этиш, сайёҳлар селфи тушиши учун махсус жойларни кўпайтириш, меҳмонхоналар, савдо дўконларида ўзбек миллий либосларини ижарага бериш тизимини йўлга қўйишни ҳам таклиф қилди.
Испаниялик меҳмонга кўра, ҳунармандлар марказларида санъат намуналари, овқатланиш объектларида таом пишириш жараёнида сайёҳларнинг бевосита иштирок этишини йўлга қўйиш, маданий мерос объектларида фаолият кўрсатаётган гидларнинг тарихий қаҳрамонлар либосларида юришларини ташкил этиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Изоҳ (0)