АҚШнинг виза берилиши билан боғлиқ санкцияларида истиснолар бўлиши мумкин. Бу ҳақда Давлат департаменти расмий вакили Хизер Нойерт маълум қилди, дея хабар беради «Корреспондент.net».
«АҚШнинг хавфсизлик соҳасидаги миллий манфаатларига тегишли масала бўлса, керакли одамлар мамлакатга келиши учун виза билан боғлиқ санкцияларни бекор қилишимиз мумкин. Россия ҳукумати билан кўплаб йўналишлардаги келишмовчиликларга қарамай, биргаликда ишлашимиз талаб этиладиган соҳалар ҳам борлиги сир эмас. Улардан бири — террорчилик ва ИШИДга қарши кураш», — деди Нойерт.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ сенаторлари Россия разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкиннинг Вашингтонга ташрифи юзасидан Оқ уй маъмуриятидан изоҳ талаб қилганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.