Тошкент шаҳар божхона бошқармаси «Бошпочтампт» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан АҚШдан фуқаро А.Розиқов (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) номига келган почта жўнатмаси ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди, деб хабар беради божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Кўздан кечириш жараёнида почта жўнатмаси 200 қути Parliament ва 130 қути Маrlboro номли сигаретлар, 1640 дона турли хил сақичлардан иборатлиги маълум бўлди.
«Шу тариқа қонунбузар почта жўнатмаси орқали умумий қиймати салкам 40 миллион сўмлик сигарет ва сақичларни олиб киришга уринган», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, иш ҳужжатлари тегишли тергов органига юборилган.
Ушбу ҳолат юзасидан вақтинча олиб қўйилган товарлар Яшнобод туман маъмурий суди қарорига асосан давлат эгалигига ўтказилди.
Изоҳ (0)