Самарқанд вилояти, Жомбой туманида 10 август куни заправка ёниб кетди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, “Шайман” МФЙ ҳудудида жойлашган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида автомобилларда ёнғин келиб чиққани тўғрисида хабар Самарқанд вилояти ФВБга соат 22:00 да келиб тушган. Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 22:15 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 22:21 да қуршаб олинган ва соат 22:30 да ўчирилган.
Ёнғин оқибатида Kia Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарарланган.

Айни пайтда ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган.
8 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ҳам автомобилларга мобил ёнилғи қуйиш шохобчасида ёнғин чиққанди. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар тўғрисида хабар келиб тушмаган. 5 августда эса Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида заправка портлаганди. 16 июль куни ҳам ушбу тумандаги газ тўлдириш станцияси ҳудудида ёнилғи сақлаш резервуарида чақнаш ва ундан сўнг ёнғин содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 5 киши вафот этган.
Изоҳ (0)