Ўзбекистон Кувайт араб иқтисодий ривожланиш фонди билан 30 миллион долларга заём шартномаси имзолади. Бу ҳақда, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Олдинроқ фонд делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюргани маълум қилинган эди. Келишув ушбу ташриф доирасида имзоланди.
Ушбу маблағ «Қишлоқ ҳудудида зарур муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфраструктурасини яхшилаш билан уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
Лойиҳа доирасида 138 километр йўл, 198 километр сув қувурлари тармоқлари, 151 километр электр таъминоти тармоқлари, 151 километр газ таъминоти тармоқлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги 62 маҳалла марказлари ва савдо майдонларидан иборат ижтимоий ва бозор объектлари барпо этиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)