Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида истиқомат қилувчи Қосимова Маърифат Мусаевна 2017 йилнинг 24 ноябрь куни ўзига олдиндан таниш бўлган Шеробод туманида яшовчи Хадичев Тўйли Қурбонович билан олдиндан жиноий тил бириктириб, 2017 йил 6 ноябрь куни туғилган қизини 5 000 000 (беш миллион) сўмга сотаётган вақтида Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Чақалоқнинг онаси бирор бир жойда фойдали меҳнат билан шуғулланмаслиги, маҳалласидаги юриш-туриши фарзандларининг тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганлиги шунингдек, муқаддам жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туман судининг 2017 йил 26 май кунидаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси (фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш) 2-қисми билан айбдор деб топилиб энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинланган, мазкур иши бўйича эҳтиёт чораси сифатида «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат қўлланилган» бўлса-да ўзига тегишли хулосани чиқармаган, шунингдек жиноий шериги Хадичев Тўйли ҳам тўртинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирганлиги илгари хавфли қилмишлари учун жазо муддатини ўтаб чиққанлигидан тўғри хулоса чиқармасдан қайта жиноят йўлига кирганлиги учун, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят Қизириқ туман судининг 2018 йил 26 январь куни Қосимова Маърифатга нисбатан 5 йил, Хадичев Тўйлига нисбатан 6 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Қосимова Маърифатнинг вояга етмаган фарзандлари — 2008 йилда туғилган қизи ва 2011 йилда туғилган ўғли Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 12-сонли «Меҳрибонлик уйи»га, 2017 йилда туғилган сотилмоқчи бўлган қизи Қашқадарё вилоятидаги болалар уйига топширилиши тўғрисидаги одил суднинг қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)