Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистондаги автобус ёниб кетган ҳудудга махсус самолётни Тошкентдан учиришга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда, Ўзбекистон ФВВ вакилига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, 18 январь, пайшанба куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Ирғиз туманида Россия томон ҳаракатланаётган «Ikarus» автобуси ҳаракат давомида ёниб кетган, оқибатда 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди. Омон қолган беш кишининг икки нафари Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда.
«Ҳозир борт тайёрланяпти, у Тошкентдан учиши кутилмоқда. Унинг парвоз йўналиши ва учиш вақти Қозоғистондаги ҳамкасблар билан келишилмоқда», — деди «РИА Новости»га ахборот берган ФВВ вакили.
Унинг қўшимча қилишича, махсус борт фожиа жойига Ўзбекистон ФВВ мутахассислари, шифокорлар гуруҳи, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ходимларини олиб кетади.
Аввалроқ Ўзбекистон ФВВ Қозоғистондаги бахтсиз ҳодиса муносабати билан шошилинч телефон рақамларини ишга туширгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)