Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузуридаги пресс-холлда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳаво бандаргоҳи ёнида таксичилар ишини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олганини маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Унинг сўзларига кўра, аэропортдан чиқиш жойида тўпланиб оладиган ва кўпчилиги меҳмонлар билан қўпол тарзда муносабатда бўладиган таксичилар ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушган. «Ушбу масала бўйича биз аэропорт раҳбарияти билан келишиб олдик. Тез орада тартиб ўрнатилади», — деди у.
Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов мамлакат аэропортларида шу пайтгача интернетга уланиш, туристик карталар, SIM-карталар тақдим этиш, Ўзбекистонда режалаштирилаётган маданий тадбирлар ва турлар ҳақида ахборот бериш каби хизматлар ва сервислар мавжуд бўлмаганини айтди.
«Ушбу масалаларни ечиш ишлари аллақачон бошлаб юборилди. Аэропортларга Туризм қўмитасининг махсус ахборот марказлари ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, мавжуд бўлмаган сервисларни йўлга қўйиш бўйича мобил операторлар ва сайёҳлик компаниялари билан келишувларга эришилди. Тез орада мамлакатдаги барча аэропортларда ягона стандарт бўйича хизматларни ташкил қиламиз», — деди у.
Изоҳ (0)