Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси фоҳишахоналар сақлаганлик ҳақидаги сохта ишлар билан оммавий равишда уйлар ва квартиралар мусодара қилингани ҳақидаги ахборотни рад этмоқда, деб ёзади «Газета.uz». Бу ҳақда 11 январь, пайшанба кунги брифингда ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев айтиб ўтди.
Ушбу ҳолат бўйича AsiaTerra сайти тадқиқот олиб борган эди, унга кўра, ички ишлар органлари оддий квартирада фоҳишахона топиб, жиноят иши очган ва уни судга юборган. Ижарачи маъмурий жавобгарликка тортилган. Бир неча ойдан сўнг прокуратуранинг эътирози билан иш апелляция суди томонидан кўриб чиқилган ва квартира жиноят қуроли сифатида мусодара қилинган.
Шу тариқа тортиб олинган уйлар ва квартиралар давлат даромадига айлантирилган ва ҳокимликлар балансига тушган. Тадқиқотда қайд этилишича, олиб қўйилган квартиралар кейинчалик профилактика инспекторларига берилган.
«Ушбу фактлар бўйича бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо биз профилактика инспекторларига квартиралар бериш тартиби ҳақида гапириб бера оламиз. Бугунги кунгача 1103 та хизмат уй-жойи берилган, яъни инспекторлар у ерда фақат хизмат пайтида яшаб туради. Авваллари бу уйлар ҳокимликлар балансида бўлган, сўнг ИИББга топширилган», — деди Жиноятлар олдини олиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шавкат Мирзааҳмедов.
«Улар орасида суд томонидан давлат фойдасига топширилиб, кейинчалик тақсимлаш учун ҳокимлик балансига ўтказилган квартиралар ҳам бўлиши мумкин», — дея қўшиб қўйди Дониёр Тошхўжаев.
Изоҳ (0)