Сирдарё вилоятида бундан салкам уч йил муқаддам содир этилган майда ўғрилик фош этилди, аммо воқеа Ёшлар иттифоқи вакилларининг ёрдами туфайли кутилмаган ечим топди. Бу ҳақда «Дарё»га Сирдарё вилояти ИИБ хабар берди.
2015 йил 29 январь куни фуқаро Д.С. Сардоба тумани ИИБга мурожат қилиб, 27 январдан 28 январга ўтар кечаси номаълум шахс унинг уйи ҳовлисига кирганини, товуқхонанинг ичидан нархи 125 минг сўмлик бешта хўрозини ўғирлаб кетганини маълум қилган эди. Ҳолат юзасидан туман тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 2-кисми (ўғрилик) билан жиноят қўзғатилган эди. Аммо бир муддатдан сўнг жиноят фош этилмагани сабабли иш ҳаракатдан тўхтатилган эди.
Олиб борилган тезкор тергов-суриштирув ишлари натижасида 2018 йил 3 январь куни жиноятни 1999 йилда туғилган Сардоба тумани ижтимоий-иқтисодий коллежи ўқувчиси Жасур Маматов (исми шарифи ўзгартирилган) содир этгани маълум бўлди. Келгусида шу ва шунга ўхшаш жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Сардоба тумани Бирлашган МФЙ ҳудудида жойлашган ижтимоий-иқтисодий колежнинг маъруза залида Ж. Маматов содир этган жиноятни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва бошқа мутасадди шахслар иштирокида йиғилиш муҳокамаси ўтказилди.
Жиноятни содир этган коллеж ўқувчиси ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, келгусида жиноят содир этмаслигига ва фойдали меҳнат билан шуғулланишига муҳокама иштирокчилари олдида сўз берди. Унинг ваъдаларини тинглаган Сирдарё вилояти ёшлар иттифоқи раиси Ш. Зайниддинов жиноят содир этган вояга етмаган ўқувчига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ва уни тўғри йўлга ундаш учун 3 миллион сўм кредит ажратиб беришда ташаббус кўрсатишини айтди.
Муҳокама якунида мутасадди ходимлар жиноят содир этган ўқувчига нисбатан юритилган иш судга оширилмасдан, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида тугатилиши ҳақида келишиб олди.
Изоҳ (0)