Перуда 2 январь, сешанба куни йўловчи автобуси иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 51 киши қурбон бўлди. Тегишли маълумот 3 январь, чоршанба куни Жанубий Америка мамлакати соғлиқни сақлаш вазирлигининг Twitter’даги саҳифасига жойланди, деб ёзади «ТАСС».
«Қутқарув операциялари бўйича марказ Пасамайо ҳудудида 15:09 ҳолатига 51 жасад топилганлигини маълум қилди. Дрондан фойдаланиш ЙТҲ ҳудудини охирги марта кўздан кечиришни амалга оширишга ёрдам берди», — дея таъкидланади бошқарма хабарида.
Ҳалок бўлганлар жасадларини чиқариб олиш бўйича мураккаб операция бир суткадан ортиқ давом этмоқда.
2 январь, сешанба куни 55 нафарга яқин йўловчиси бўлган йўловчи автобуси Панамерика шоссесида Пасамайо ҳудудида юз метр баландликдан жарга қулади. Маҳаллий аҳоли йўл-транспорт ҳодисалари кўп юз бериши туфайли бу ҳудудни Иблис бурилиши деб атайди.
Автобус йўловчиларидан олти киши тирик қолган, бироқ улардан беш нафарининг аҳволи оғир ёки жуда оғир сифатида баҳоланмоқда. Йўловчиларнинг аниқ сони ҳозиргача номаълум.
Изоҳ (0)