Тугаб бораётган 2017 йилда Ўзбекистон илм-фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. «Ziyouz.uz» портали ушбу йилда вафот этган ўзбекистонлик давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларни хотирлади.
Академик Борис Бондаренко (1923—2017)
Ҳисоблаш математикаси ва дифференсиал тенгламалар соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Борис Анисимович Бондаренко 1923 йил 12 октябрда Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси Давлеканово шаҳрида туғилди. 1953 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) математика мутахассислиги бўйича тугатди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олим қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент темир йўл муҳандислари институти кафедраси мудири, Фанлар академиясининг Математика институти катта илмий ходими, илмий котиби, Кибернетика институти лаборатория мудири, етакчи илмий ходими, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди ва мамалакатда математика соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Олимнинг чизиқли ва яримчизиқли дифференциал тенгламалар соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 500 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. У «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони ва «Жасорат» медали билан мукофотланган эди.
Жамоат арбоби Аҳмаджон Одилов (1925—2017)
Таниқли жамоат арбоби Аҳмаджон Одилов 1925 йили Наманган вилояти Поп туманидаги Ғурумсарой қишлоғида туғилган. 1960—1970 йилларда Поп туманидаги Ленин номли жамоа хўжалигига раислик, 1970 йиллар охирида Поп туман агросаноат комплексига раҳбарлик қилган.
1980 йиллар ўрталарида қўзғатилган «Пахта иши» бўйича айбланиб, қамоққа олинган, Москвадаги Бутирка қамоқхонасида сақланган. 1991 йил декабрида қамоқдан озод этилган, бироқ 1993 йил июнида яна озодликдан маҳрум этилган. Шу билан 2008 йил июнида — 83 ёшида озодликка чиққан.
У собиқ Иттифоқ даврида «Социалистик меҳнат қаҳрамони» унвони, уч марта «Ленин» ордени, бир марта «Октябрь инқилоби» ордени билан тақдирланган.
Академик Анна Глушенкова (1926—2017)
Табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги таниқли олима, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Анна Ивановна Глушенкова 1926 йил 1 августда Россия Федерациясининг Волгоград вилоятидаги Рудна туманида туғилди. 1948 йили Ўрта Осиё индустриал институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) тугатиб, ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олима қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) кафедра мудири, Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти катта илмий ходими, лаборатория мудири, директори, Фанлар академияси президиуми аъзоси каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва мамлакатда табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Олиманинг табиий бирикмалар кимёси ва технологияси соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 400 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.
Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Иномжон Усмонхўжаев (1930—2017)
Ўзбекистон давлат ва жамоат арбоби Иномжон Усмонхўжаев 1930 йил Фарғонада туғилган, 1972—1974 йилларда Наманган вилоятига, 1974—1978 йилларда Андижон вилоятига раҳбарлик қилган.
1978 йилдан то Шароф Рашидовнинг вафотига қадар — 1983 йилгача Ўзбекистон Олий Кенгашига раислик қилиб, 1983—1988 йилларда Ўзбекистонга раҳбарлик қилган.
«Қайта қуриш» даврида коррупцияда айбланган. 1989 йил декабрида «пахта иши» бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум этилган, 1990 йил озодликка чиқарилган. 2016 йил декабрида тўлиқ оқланган.
Журналист, профессор Феликс Нестеренко (1930—2017)
Ўзбекистон журналистикаси тараққиётига катта ҳисса қўшган олим, профессор Феликс Петрович Нестеренко 1930 йили Москва шаҳрида туғилган. Ота-онаси қатағон қилинганидан сўнг болалар уйида катта бўлган. Находка ва Сахалинда ҳарбий флотда, Ангренда кўмир шахтасида, «Таштекстилмаш» ва «Сирдарьинская правда» газеталарида хизмат қилган.
1968 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини сиртдан тамомлагандан сўнг шу ерда дарс бера бошлаган. 1972 йили доцент, 1984 йили профессор унвонларини олган.
Феликс Нестеренконинг бир қанча шогирдлари унинг раҳбарлигида номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлаган. У журналистика соҳасида бир қанча китоб ва дарсликлар муаллифи. Унинг 1700 иборани ўзида жамлаган «Луғат – журналистика, реклама, паблик рилейшн» китоби талабалар ва журналистикага қизиқувчилар учун бирламчи манбадир.
Ўзбекистон врачлар уюшмаси раиси Абдулла Худойберганов (1936—2017)
Абдулла Маткаримович Худойберганов 1936 йили Тўрткўлда туғилган. 1959 йили Тошкент тиббиёт институтининг тиббиёт факультетини тамомлаган. Фаолиятини жарроҳ сифатида Мўйноқ туманида бошлаган. 1960 йиллар Мўйноқ туман шифохонаси бош врачи бўлган.
1970 йилларда Қорақалпоғистон AССР соғлиқни сақлаш вазири бўлган. 1981–1986 йилларда Ўзбекистон ССР соғлиқни сақлаш вазири бўлган.
2004 йилга қадар Худойберганов академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази директори ўринбосари бўлиб ишлаган.
Шоир ва таржимон Турсунбой Адашбоев (1939—2017)
Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январда Ўш вилояти, Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғида туғилган. ТошДУни ҳамда Москвадаги Жаҳон адабиёти институтини битирган (1962).
Илк шеърлар тўплами — «Камолнинг олмаси» (1964). «Биз саёҳатчилар» (1966), «Олатовлик бўламан», «Арслонбоб шаршараси» (1969), «Сурнай» (1970), «Нур дарё» (1975), «Гулдаста» (1968), «Олатоғ-лолатоғ» (1978), «Оқбўра тўлқинлари», «Совға», «Арслонбоб афсонаси» (1988), «Сичқоннинг орзуси», «Уч бўталоқ ва сирли қовоқ» (1990), «Орзуларим — қўш қанотим» (2003), «Олтин ёлли тулпор қиссаси» (2003, эртаклар) каби тўпламлари нашр этилган.
Уолтер Де Ламер, К. Чуковский, С. Маршак, Л. Бриедис каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Моҳир таржимон Янглиш Эгамова (1943—2017)
Янглиш Эгамова 1943 йилнинг 2 майида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Олчин қишлоғида туғилган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг хорижий филология факультетида таҳсил олган. Филология фанлари номзоди, доцент. Таржима назарияси ва тил илмига оид бир қанча илмий мақолалар муаллифи.
Янглиш Эгамова немис алломаси, жаҳон халқларининг севимли адиби, шоири, драматурги Иоганн Вольфганг Гёте асарларининг таржимони сифатида донг таратди.
Янглиш Эгамова 1975 йилда Гётенинг «Ёш Вертернинг изтироблари» романини Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида нашр эттирган. Шундан сўнг Бруно Апицнинг «Қашқирлар чангалида» романи, Вольфганг Борхертнинг ҳикоялари, Фирц Вюртленинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги «Андижон шаҳзодаси» қиссаси, Гётенинг «Муҳаббатнома» номли сайланма китоби, «Ёш Вертернинг изтироблари» (қайта нашр), «Ҳамроз диллар» романлари Янглиш Эгамова таржимасида чоп этилган.
Йоҳанн Петер Эккерманнинг Гёте ҳаёти ва ижодига бағишланган «Гёте билан гурунглар» номли йирик китобининг Янглиш Эгамова таржимасида нашр этилган.
Шоира Турсуной Содиқова (1944—2017)
Турсуной Содиқова 1944 йили Андижон шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетини тамомлаган. Ўрта мактабда муаллим, ёшлар ташкилотларида, кейинчалик Андижон Давлат тиллар институтида, Республика «Маънавият ва маърифат» марказида ишлаган. Филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Турсуной Содиқованинг илк шеърий тўплами «Куй» номи билан 1976 йилда чоп этилган. Шундан бери «Гул фасли» (1981), «Иқбол» (1984), «Дил гавҳари» (1985), «Излай-излай топганим» (1988), «Гиря» (1994) каби ўнга яқин шеърий гулдасталар яратиб, ўз ўқувчиларига тақдим этди. Шунингдек, одоб-ахлоқ мавзуларида битилган мақолаларини «Андиша» (1988), «Меҳригиё» (1989), «Бахтли бўлинг» (1989), «Бахт нима?» (1994), «Ўзбек шеъриятида анъана ва ўзига хослик» каби номлар билан тўплам ва қўлланмалар тарзида нашр эттирган.
Публицист ва шоир Носир Муҳаммад (1946—2017)
Носир Муҳаммад (Насриддин Муҳаммадиев) 1946 йилнинг 2 декабрида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ қўрғонида туғилган. 1968 йили Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган.
«Тошкент оқшоми» газетасида кичик адабий ходим, бўлим мудири, 1976—79 йиллари Эронда таржимон, «Ёшлик» журналида масъул котиб (1985—1993), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг халқаро ахборотлар таҳририяти бош муҳаррири (1993), «Жаҳон» ахборот агентлигида (1994), Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида Матбуот котиби (1996—99), Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг етакчи консультанти (1999—2005) бўлиб ишлаган. 2005 йилдан буён Республика байналмилал маданият маркази директори.
Носир Муҳаммад Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси (1972) ва Ёзувчилар уюшмаси (1989) аъзоси, 20 га яқин шеърий ва илмий-оммабоп китоблар муаллифи.
Таниқли сухандон Насиба Мақсудова (1948—2017)
Насиба Мақсудова 1948 йилда таваллуд топган. Узоқ йиллар Ўзбекистон миллий тедерадиокомпаниясида фаолият юритган. Унинг сўнгги 10 йилликдаги фаолияти хусусий телеканаллар билан боғланди. У «Дийдор ширин» кўрсатувининг бошловчиларидан бири эди.
Насиба Мақсудова 14 ёшидан телевидение соҳасига кириб келган. Қарийб 50 йил давомида сухандонлик қилган.
Насиба Мақсудова «Шуҳрат» медали, «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳибаси эди.
Физика-математика фанлари доктори, профессор Абдумажид Пўлатов (1949—2017)
Машҳур олим, физика-математика фанлари доктори, профессор Абдумажид Пўлатов Профессор 1949 йил 4 мартда Тошкентда таваллуд топган. 1966—1971 йиллари Новосибирск давлат университети математика факультетида таҳсил олган. 1971—1979 йиллари Новосибирскдаги СССР Фанлар академияси Сибир бўлими Математика институти илмий ходими бўлиб ишлаган.
1976 йил физика-математика фанлари номзоди, 1979—1994 йилларда Тошкент давлат университети амалий математика ва механика факультети доценти, 1980—1992 йилларда бриллиант бичиш усуллари бўйича қатор грантлар соҳиби, дастурлар раҳбари бўлган.
Сўнгра 1992 йили физика-математика фанлари доктори, 1994—2000 йилларда ТошДУ математика ва механика факультети профессори, 2000—2002 йилларда ЎзМУ компьютер технологиялари факультети профессори, 2002—2006 йилларда ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети Компьютер лингвистикаси кафедраси мудири сифатида фаолиятини давом эттирган.
1988 йилдан буён унинг раҳбарлигида 12 та номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинган. Математика соҳасида «Пўлатов мактаби», «Тошкент мактаби» илмий йўналиши билан танилган.
1994—1998 йилларда Халқаро информатика жамияти (Германия), 1993 йилдан Ўзбекистон математиклар жамияти аъзоси, «XXI асрнинг 2000 машҳур олими» (Кембриж) китобига киритилган.
У «Қавариқ кўпёқлар» (Новосибирск, 1992), «Инглиз тили» (рус тилида. Тошкент, 1998), «Дунёвий ўзбек тили» (Т.Мўминова ва И.Пўлатова билан ҳамкорликда. Тошкент, 2003), «Ҳаёт формулалари» (қўлёзма), «Инглиз тили» (ўзбек тилида, қўлёзма), «Компьютер лингвистикаси» (2 жилд, қўлёзма), «Инглизча-ўзбекча-русча луғат» китоблари ҳамда «Компьютер лингвистикаси» (С.Муҳамедова билан ҳамкорликда. Тошкент, 2007) ўқув қўлланмаси муаллифи эди.
Абдумажид Пўлатов нафақат математика соҳасида, балки инглиз тили, тилшунослик, фалсафа фанлари доктори, профессори сифатида китоблар ёзгани учун АҚШнинг «Who is who?» («Ким аслида ким?») китобига киритилган.
Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ўринбосари Бўритош Мустафоев (1949—2017)
Бўритош Мустафоев 1949 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1971 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини тугатиб, меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори лавозимидан бошлаган.
Кўп йиллар давомида прокуратура органларида масъулиятли лавозимларда ишлаб, 1989 йилда Ўзбекистон прокурори, 1993 йилда эса Ўзбекистон Бош прокурори лавозимига тайинланган. 1998 йилдан бошлаб Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Адлия вазирининг ўринбосари, Конституциявий судининг раиси, Марказий сайлов комиссиясининг раиси, Олий судининг раиси лавозимларида ишлади.
2014 йилда Ўзбекистон Конституциявий суди раисининг ўринбосари лавозимига сайланиб, умрининг охиригача шу лавозимда меҳнат қилиб келди.
Бўритош Мустафоев «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвони, II даражали «Шон-шараф» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланган. Олий малака даражали судья. I даражали Давлат адлия маслаҳатчиси.
Ўзбекистон банк тизими асосчиларидан бири Файзулла Муллажонов (1950—2017)
Ўзбекистон банк тизими асосчиларидан бири, атоқли иқтисодчи, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Файзулла Мақсуджонович Муллажонов 1950 йили Сирдарё вилоятида туғилди. 1971 йили Тошкент халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)ни иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини давлат банки Сирдарё вилояти бўлимида кредит назоратчиси вазифасидан бошлади. Кейинчалик ушбу вилоятда банк соҳасида турли масъул лавозимларда хизмат қилди.
Катта меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган Ф.Муллажонов 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси этиб тайинланди. Ана шу ўта масъулиятли лавозимда қарийб 26 йил самарали фаолият кўрсатди.
Ф.Муллажоновнинг кўп йиллик самарали хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган эди.
Шоир ва таржимон Усмон Қўчқор (1953—2017)
Шоир, таржимон Усмон Қўчқор 1953 йилнинг 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг филология факультетини тугатган.
Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1975—1977), Шофирконда она тили ва адабиёти ўқитувчиси (1977—1979), «Ўзбекистон» нашриётида муҳаррир (1979—1986), «Чўлпон» нашриётида (1986—1988), «Ёшлик» журналида, «Маънавият» нашриётида бош муҳаррир лавозимида (1988—1996) ишлаган.
Усмон Қўчқорнинг биринчи шеърий тўплами 1982 йилда «Ҳаяжонга кўмилган дунё» номи билан чоп этилган. «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), «Чамангул», «Широқ» каби шеърий китоблари чоп этилган.
Усмон Қўчқорнинг «Оғир карвон» номли шеърий тўпламига кирган кўпчилик шеърлари инсон руҳияти, руҳий олами, маънавияти ҳақида битилган гоҳ қасида, гоҳ памфлет бўлиб янграйди. Шоир «Қувғин» достонида қатағонлик даври азиятлари, изтироб ва аламлари ҳақида ҳикоя қилади.
У Озарбайжон адибларидан Саййид Имоддиддин Насимийнинг «Мен бу жаҳонга сиғмасман» шеърлар тўпламини, Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» драмасини, Жалил Маммадқулизоданинг қисса ва ҳикояларини, Юсуф Самад ўғлининг «Қатл куни», Анорнинг «Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати» ва бошқа асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Унинг «Чамангул» (1996) номли болалар учун ёзилган шеърий гулдастаси Республика Давлат матбуот қўмитаси мукофотига сазовор бўлган.
Изоҳ (0)