«Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида»ги, «Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, аҳоли орасида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» марказида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган «Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови» мавзуидаги давра суҳбатида айтиб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликлар профилактикаси, патронаж ва скрининг хизматларини замонавий даражага кўтариш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатишга эришилди.
Шунга қарамай, Президентнинг парламентга Мурожаатномасида инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани таъкидланди. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошланган ишларни изчил давом эттиришга доир инновацион ёндашувлар илгари сурилди. Қонунчилик палатаси ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги муҳим муаммоларни жойларда ҳал этишга қаратиши мақсадга мувофиқ эканлиги белгиланди.
Изоҳ (0)