Бухоро шаҳридаги автомобиль ва йўллар коллежи ўқувчиси 17 ёшли Нурмаханов Еримбет ўзини профилактика инспектори деб таништирган одамларнинг алдови қурбони бўлди. Бу ҳақда ЎзА ҳикоя қилмоқда.
Бир куни коллеж ётоқхонаси олдида турган ўсмир ёнига икки ёш йигит келди. Улардан бири ўзини «профилактика инспектори», деб таништириш асносида, тунги рейд ўтказилаётганини билдираркан, ўқувчидан ҳужжатини кўрсатишни сўради. Еримбет ёнида паспорт йўқлигини айтди. «Профилактика нозири» унинг чўнтагидаги Samsung русумли уяли телефонини олиб қўйди.
Шундан сўнг улар ўсмирга у билан ички ишлар органи таянч пунктидаги профилактика инспектори хонасида суҳбатлашишни айтиб, шахсий автомашинада ўзлари билан олиб кетди.
«Осойишталик посбони» ва унинг шериги ўқувчилар турар жойидан тахминан 5 километр олисдаги Бухоро туманида, «Шергирон» маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтувчи катта автомобиль йўли ёқасида тўхтади. Ана шундагина Еримбет улар фирибгар туновчилар эканлигини англаб етди.
«Профилактикачи»лар ўсмир йигит ёнидаги 250 минг нақд пул ва акаси Сулаймон Муратов номига расмийлаштирилган пластик карточкани ҳам олиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Уяли телефони ва пулидан ажралган ўсмир тунда йўл босиб, турар жой биносига етиб келди.
У бўлган воқеа ва амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Бухоро тумани ички ишлар бўлимига ёзма мурожаат қилди. Олиб борилган текширув ишлари давомида жиноятчилар шахси аниқланди. «Профилактика инспектори» дегани Бухоро тумани, Кўҳнамачит қишлоғилик 19 ёшли С.Б., шериги ҳам шу манзилда истиқомат қилувчи 20 ёшли Б.Р. бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)