Осиёда айиқ сафроси барча касалликларнинг давоси сифатида қўлланади. Ҳайвонлар ҳимоячилари бу шафқатсиз амалиётга қарши кураш олиб бормоқда ва яқинда Вьетнамда тўртта айиқни қутқаришга муваффақ бўлди, деб ёзади National Geographic нашри.
Айиқ сафросининг инсон саломатлигига фойдаси бўйича илмий далиллар йўқ, бироқ Осиёда унинг шифобахш хусусиятларига ишонишади. Сафрога бўлган талаб юқорилигича қолмоқда, шунинг учун Ҳимолай айиқлари ёки бируанглар тор қафасларга солиниб, шафқатсиз жараёнларга дучор этилади.
Сафро олишнинг бир нечта усуллари мавжуд, бироқ уларнинг барчаси жарроҳлик аралашувини тақозо этади. Бунинг оқибатида айиқлар нафақат жисмоний оғриқ, балки жиддий стрессни бошдан кечиради.
Вьетнамда бу амалиёт 1992 йилда тақиқланган, бироқ ҳукумат буни деярли назорат қилмайди. Мамлакатда фаолият юритаётган 400 га яқин ноқонуний фермада 1 300 та айиқ сақланади. Яқинда Four Paws табиатни қўриқлаш уюшмаси тўртта Ҳимолай айиғини қутқаришга муваффақ бўлди. Уларнинг ҳаммаси узоқ реабилитацияга муҳтож эди. Ҳаи Чан лақабли айиқнинг эса олд панжалари ампутация қилинган эди. Бу ҳам Осиёда тарқалган яна бир шафқатсиз анъана натижаси: айиқ панжалари асосида жуда қимматбаҳо ва «шифобахш» вино тайёрланади.
Ҳозирги пайтда Ҳаи Чан ва унинг турдошлари ҳаёти хавф остида эмас. Барча азобларга қарамасдан, панжалари кесиб ташланган айиқ ҳаётга бўлган қизиқишини йўқотмади ва кўп йиллардан буён илк бор майсалар устида ўрмалади.
Изоҳ (0)