Урганчда оилавий поликлиника нозири ёш кадрдан «ишга жойлаб қўйиш» учун 600 доллар олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Урганч шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган Рухсора Собирова (исм ва шарифи ўзгартирилган) 2014 йилдан буён Урганч шаҳридаги оилавий поликлиникалардан бирида кадрлар бўйича нозир бўлиб ишлаб келаётган эди.
Ҳамширалик мутахассислигига эга бўлган урганчлик Юлдузхон оилавий поликлиникага иш излаб келганини кўрган нозир аёл ёш кадрни аврашга тушди. Ҳозирда бўш иш ўрни мавжудлиги, аммо ҳамширалик лавозимига талабгорлар ҳам кўплигини айтди. Шундай бўлса-да, Юлдузхонни ишга жойлаб қўйишда ёрдам беришини ваъда қилиб, эвазига эса айрим «каттакон»ларнинг оғзини мойлаш учун 600 доллар зарур бўлади, деди.
Юлдузхон кадрлар бўйича нозирнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан тегишли идорага ариза билан мурожаат этди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида 600 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритаётган Р. Собированинг жинояти фош этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)