Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисидаги маърузасида қайд этишича, 2018 йилда соғлиқни сақлаш муассасаларига қарийб бир триллион сўмлик дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари харид қилинади. Бу жорий йилда мазкур йўналишга сарфланган харажатдан 2,5 баробар кўпдир. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Онкология шифохонасида даволанаётган беморнинг дори-дармонлари учун ҳозирги пайтда бир кунда 10 700 сўм кўзда тутилган бўлса, келгуси йилда мазкур миқдор 25 700 сўмни ташкил этади.
Скрининг марказларини жиҳозлаш, дори-дармон ва тиббиёт учун зарур бўлган воситалар билан таъминлашга 86 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Жумладан, барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг перенатал диагностика кабинетларини юқори технологияли УЗД-сканерлари билан жиҳозланади. Бунинг учун 200 дона УЗД-сканери харид қилинади.
Вазирнинг таъкидлашича, 2018 йил давлат бюджети параметрларида соғлиқни сақлаш соҳасига харажатлар жорий йилдагига нисбатан 1,3 баравар ортиб, 9,6 триллион сўмни ташкил этади.
Изоҳ (0)