19 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари чет эл давлатида қидирувда бўлган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда бошқарма расмий сайтида маълум қилинди.
Тегишли ахборот келиб тушгач, ИИББ ходимлари томонидан қидирувдаги жиноятчини ушлашга қаратилган тезкор режа ишлаб чиқилди. Шундан сўнг 9:00 да Яккасарой тумани Фарҳод кўчасида ўтказилган тадбир жараёнида ўзини Қозоғистон фуқароси Байтасов Айдину Танирберганович деб таништирган шахс аниқланиб, ушланди.
Ўтказилган текширув давомида унинг асл исми-шарифи Молдахметов Бейбетим Кенжатай ули экани аниқланди.
У 1984 йилда туғилган Қозоғистон Республикаси фуқароси бўлиб, муқаддам бир неча бор судланган, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, лақаби «Бебет», Қозоғистон томонидан ЖКнинг 296-моддаси 4-қисмида кўрсатилган жиноятларни (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш) содир этгани учун қидирувда эканини, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилганлиги аниқланди.
Ҳозирда Б.К. Молдахметовни Қозоғистонга экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда.
Изоҳ (0)