Олимлар Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Балх водийсида кўплаб аҳоли манзилгоҳларини ҳам топган. Қўналғаларнинг энг қадимийси қарийб минг йил аввал пайдо бўлган, деб хабар беради ЎзА.
Science журналининг маълум қилишича, шу пайтга қадар бу ерда атиги 77 та ана шундай манзилгоҳ топилган бўлиб, сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар уларнинг сони мингдан зиёд эканини кўрсатди.
Археологлар ҳудудни ўрганишда айғоқчи сунъий йўлдош ҳамда ҳарбий дронлардан фойдаланган.
Тадқиқотчилар Афғонистон ҳудудидан фанга аввал маълум бўлмаган, лекин инсоният тамаддунида катта аҳамиятга эга бўлган кўплаб жойларни аниқлаган. Хусусан, XVI-ХVII асрларда бунёд этилган 119 та карвонсарой Буюк Ипак йўли бўйлаб сафар қилган савдогарларга бошпана вазифасини ўтаган. Карвонсаройлар бир-биридан қарийб 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, бу ўша пайтларда карвонларнинг бир кунлик босиб ўтган масофаси билан тенг.
Тадқиқотлар, шунингдек, Систан ва Ғилмон вилоятлари ҳудудидаги қадимий аҳоли манзилларида ирригация тармоқларига катта эътибор қаратилганини кўрсатди. Бу ерда барпо этилган каналлар тармоғидан олимларнинг фикрича, ерларни суғоришда кенг фойдаланилган.
Изоҳ (0)